Илмий ёндашувлар ҳудудлар тараққиётини таъминлаш имконини беради
Abstract
Мамлакатимизнинг ижтимоий-иқтисодий тараққиётида ҳудудларнинг барқарор ривожланиши устувор вазифалардан бири ҳисобланади. Ҳудудларнинг мавжуд салоҳиятидан самарали фойдаланиш, иқтисодий ўсиш драйверларини аниқлаш ва камбағалликни қисқартириш бугунги кунда давлат сиёсатининг муҳим йўналишларидан бирига айланди. Жаҳон тажрибаси шуни кўрсатадики, ҳар бир ҳудуднинг ривожланиш стратегияси илмий асосланган ёндашув ва комплекс таҳлиллар асосида ишлаб чиқилганда, иқтисодий ўсиш барқарор ва самарали бўлади.
Шу боис ҳудудларни ривожлантириш бўйича маҳаллий ҳокимликлар, олий таълим муассасалари ва илмий тадқиқот марказлари ўртасидаги ҳамкорлик тобора мустаҳкамланмоқда. Илмий-тадқиқот ишлари ҳудудларнинг иқтисодий ресурсларини, меҳнат бозоридаги талаб ва таклиф мувозанатини, ижтимоий инфратузилма ҳолатини ва камбағал аҳоли қатламини қўллаб-қувватлаш механизмларини чуқур ўрганишга йўналтирилган. Айниқса, маҳаллий бюджетларнинг қўшимча молиявий захираларини аниқлаш, тадбиркорлик субъектларининг молиявий барқарорлигини ошириш ва ишсизлик даражасини пасайтириш бўйича аниқ таклифлар ишлаб чиқилмоқда.
Бу борада амалга оширилаётган илмий-институционал ўзгаришлар натижасида Тошкент давлат иқтисодиёт университети ва унинг ҳузуридаги “Ўзбекистон иқтисодиётини ривожлантиришнинг илмий асослари ва муаммолари” илмий-тадқиқот марказининг фаолияти янада такомиллаштирилди. Хусусан, фундаментал тадқиқотлар иқтисодиётнинг реал секторидаги амалиёт билан узвий боғланиб, замонавий таҳлил усулларидан кенг фойдаланиш имкони яратилди.
Шу асосда ҳудудларга йўналтирилган илмий-тадқиқот йўналишлари шакллантирилиб, уларнинг умумий ҳамда тармоқлараро йўналишлари аниқ белгилаб олинди. Дастлабки тадқиқотлар Тошкент вилоятининг Ўрта Чирчиқ туманида амалга оширилиб, қишлоқ хўжалигида барқарор ўсишни таъминлаш мақсадида комплекс ёндашув жорий этилди. Хусусан, тупроқ таркибини яхшилаш, экин майдоларининг балл бонитети ва ҳосилдорлигини ошириш, фермер хўжаликлари даромадини кўпайтириш каби масалалар бўйича илмий асосланган таклифлар ишлаб чиқилди. Бунда ноанъанавий қишлоқ хўжалиги экинларидан фойдаланиш орқали қишлоқ хўжалиги самарадорлигини ошириш борасида инновацион ечимлар таклиф этилди.
Бундан ташқари, Янгийўл тумани, Самарқанд вилоятининг Иштихон ва Пастдарғом туманлари мисолида ижтимоий-иқтисодий ривожланиш жараёнларини чуқур таҳлил қилиш асосида аҳолининг яшаш шароитларини яхшилашга қаратилган чора-тадбирлар ишлаб чиқилди. Шу мақсадда, ҳудудларда меҳнат бозорини тартибга солиш, инфратузилмани яхшилаш, инвестицияларни жалб қилиш ва бизнес муҳитини ривожлантириш бўйича илмий асосланган тавсиялар тайёрланди.
Тошкент давлат иқтисодиёт университети ҳузурида ташкил этилган Тошкент шаҳрини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш Кенгаши доирасида шаҳар туманлари ҳокимликлари билан ҳамкорлик мустаҳкамланиб, тадбиркорлик субъектлари учун ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳасида модернизациялаш жараёнлари амалга оширилмоқда. Бунда ишлаб чиқаришни автоматлаштириш, янги технологияларни жорий этиш, рақамли иқтисодиёт асосида ҳудудий ривожланишни таъминлаш каби масалалар бўйича илмий хулосалар тайёрланиб, улар тадбиркорларга ва ҳудуд раҳбарларига тақдим этилмоқда.
Шунингдек, ҳудудларнинг иқтисодий ўсиш драйверларини аниқлаш, мавжуд иқтисодий лойиҳаларнинг илмий жиҳатдан таҳлилини ўтказиш ва ишлаб чиқариш салоҳиятини ошириш борасида амалий тадқиқотлар олиб борилмоқда. Бунда тадбиркорларнинг кундалик фаолиятида учрайдиган муаммолар ўрганилиб, уларга илмий маслаҳатлар берилаётгани соҳадаги тадқиқотларнинг амалий аҳамиятини янада оширмоқда.
Ушбу чора-тадбирлар натижасида тадбиркорлик субъектлари ва туман ҳокимликлари билан илмий ҳамкорлик мустаҳкамланиб, илмий изланишлардан амалий фойдаланиш имкониятлари кенгаймоқда. Ҳудудий ривожланишни янада жадаллаштириш ва комплекс ёндашувни такомиллаштириш мақсадида тадқиқот марказлари, олий таълим муассасалари ҳамда маҳаллий ҳокимликлар ўртасида интеграциялашган ҳамкорлик йўлга қўйилди. Бу эса ўз навбатида, мамлакатимиздаги барқарор иқтисодий ўсиш ва Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясининг муваффақиятли амалга ошишини таъминлашга хизмат қилади.
Навоий вилоятидаги Ғозғон шаҳрини иқтисодий ривожлантириш бўйича ўтказилган илмий тадқиқотлар натижасида ҳудуднинг туризм салоҳияти етарли даражада ишга солинмагани аниқланди. Жумладан, меҳмонхона, умумий овқатланиш жойлари ва ҳунармандчилик маҳсулотлари учун савдо мажмуалари етишмовчилиги туристик фаолиятни чеклаётгани қайд этилди.
Шаҳар ҳудудидаги Шоҳимардон зиёратгоҳи, тарихий 2 та чашма ва 7 минг йиллик петроглифлар ҳудудни туристик марказга айлантириш имкониятини беради. Ушбу ресурслардан самарали фойдаланиш учун Нурота, Деҳбаланд ва Ғозғон шаҳарларини қамраб олган ягона туристик маршрутни ташкил этиш таклиф қилинди.
Тахминларга кўра, ушбу ташаббус натижасида ички ва хорижий туристлар оқими йилига 5 мингдан 25 мингга ошиши мумкин. Бунда хорижий сайёҳлар сони 10 мингга, ички туристлар оқими 15 мингга етиши прогноз қилинди. Бу эса ҳудудда тадбиркорликни ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш ва иқтисодий ўсишни рағбатлантиришга хизмат қилади.
“Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури — амалда
Ҳукуматимиз томонидан камбағалликни қисқартириш ва аҳолининг турмуш даражасини ошириш бўйича илмий ёндашувлар асосида маҳаллалар кесимида тадқиқотлар олиб бориш вазифаси юклатилган эди. Шу асосда, қисқа вақт ичида Сурхондарё вилоятининг Термиз, Узун ва Сариосиё туманлари, Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз, Кўкдала ва Чироқчи туманлари маҳаллаларида комплекс илмий тадқиқотлар амалга оширилди.
Тадқиқотлар давомида асосий эътибор "Камбағалликдан фаровонлик сари" дастурини самарали амалга оширишга қаратилди. Бунда аҳоли турмуш шароитини яхшилаш, тадбиркорликни ривожлантириш ва камбағалликни қисқартириш чора-тадбирлари еттита имконият ва масъулият тамойили асосида таҳлил қилинди. Шу жумладан, камбағал оилаларнинг шароити, маҳалладаги тадбиркорлик субъектлари фаолияти, томорқадан фойдаланиш даражаси, ижарага олинган экин майдонларининг ишлатилиш ҳолати, меҳнат ресурслари таркиби ва уларни иш билан таъминлаш имкониятлари ўрганилди.
Шунингдек, маҳаллалардаги камбағал оилалар фарзандларининг мактабгача таълим билан қамров даражаси, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламлари учун меҳнат қилиш имкониятини чекловчи омиллар ва ижтимоий инфратузилма ҳолати чуқур таҳлил қилинди. Суғориш тизими, иқтисодий инфратузилма ва маҳаллий иқтисодий фаоллик кўрсаткичлари асосида камбағалликни қисқартиришга қаратилган илмий асосланган таклифлар ишлаб чиқилди. Ушбу таҳлиллар асосида оғир яшаш шароитига эга хонадонлар рўйхати шакллантирилиб, уларнинг турмуш даражасини яхшилаш бўйича халқаро тажрибалардан келиб чиққан ҳолда аниқ таклифлар тайёрланди.
Шу билан бирга, Тошкент вилоятининг Зангиота ва Тошкент туманларида иқтисодий ўсиш имкониятларини янада кенгайтириш бўйича илмий тадқиқотлар амалга оширилди. Жаҳон савдо ташкилотининг талаб ва тавсияларини ҳисобга олган ҳолда, Зангиота туманидаги тадбиркорларни ривожланган давлатлар бозорларига чиқариш, экспорт кўникмаларини шакллантириш ва рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришни рағбатлантириш борасида чора-тадбирлар ишлаб чиқилди.
Бундан ташқари, Зангиота туманининг ижтимоий-иқтисодий ривожланишини баҳолаш мақсадида замонавий диагностик индикаторлар ва махсус дастурий таъминот ишлаб чиқилиб, географик ахборот тизимлари (GIS) технологиялари асосида интерактив ахборот-таҳлилий электрон харита яратиш ишлари олиб борилмоқда. Бу эса ҳудуднинг иқтисодий кўрсаткичларини мониторинг қилиш, аниқ муаммоларни идентификация қилиш ва самарали қарорлар қабул қилиш имкониятларини оширади.
Тадқиқот натижалари маҳаллий иқтисодий ривожланишнинг аниқ йўналишларини белгилаш, аҳоли турмуш даражасини яхшилаш ва камбағалликни қисқартириш бўйича янги механизмларни ишлаб чиқишда муҳим асос бўлиб хизмат қилмоқда. Ушбу ёндашув маҳаллий ва халқаро тажрибаларни ўзаро интеграция қилиш орқали мамлакатимизда барқарор ривожланишни таъминлашга хизмат қилади.
Амалий тавсиялар шакллантирилди
Ҳудудларни янада ривожлантириш, уларнинг иқтисодий ўсиш драйверларини аниқлаш, мавжуд салоҳиятдан самарали фойдаланиш ва камбағалликни қисқартириш мақсадида маҳаллий ҳокимликлар билан илмий ҳамкорлик йўналишлари ишлаб чиқилди. Бу доирада ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳолатини таҳлил қилиш, маҳаллий бюджетларнинг қўшимча молиявий манбаларини аниқлаш ва аҳолининг турмуш даражасини яхшилаш бўйича бир қатор аниқ тавсиялар ишлаб чиқилди.
Биринчи йўналиш – ҳудудларнинг демографик комплекс картасини шакллантириш бўлиб, бу орқали аҳоли ўсиш прогнозлари ишлаб чиқилди. Шу асосда ишсизлик ва камбағалликни камайтириш мақсадида ишлаб чиқариш объектларини самарали жойлаштириш, ижтимоий инфратузилма ва коммунал хизматлар эҳтиёжларини баҳолаш ҳамда табиий ўсиш кўрсаткичлари билан боғлиқ ҳолда ҳудудий ривожланишни таъминлаш таклиф қилинди.
Иккинчи йўналиш – тадбиркорлик субъектларида риск-таҳлил ўтказиш. Вилоятлардаги кўплаб тадбиркорлик субъектлари риск таҳлили амалга оширилмагани туфайли тўсатдан банкротлик ҳолатига тушмоқда. Шунинг учун йирик солиқ тўловчи тадбиркорларнинг молиявий ҳолатини таҳлил қилиш, иқтисодий ва молиявий хавфларни баҳолаш ва уларни юмшатишга қаратилган илмий тавсиялар ишлаб чиқилди.
Учинчи йўналиш – республика минтақаларининг иқтисодий ва ресурс салоҳиятини чуқур ўрганиш. Ҳудудларда мавжуд ишлаб чиқариш ресурслари, меҳнат бозори ва талаб-тауминот мувозанати таҳлил қилинди. Ҳар бир ҳудуднинг иқтисодий ихтисослашувига мос равишда қайси ишлаб чиқариш тармоқларини ривожлантириш мақсадга мувофиқлиги, маҳсулот ва хизматларга бўлган талабни баҳолаш ва истеъмол бозори билан боғлиқ муаммоларни ҳал этиш юзасидан таклифлар берилди.
Тўртинчи йўналиш – тадбиркорларни Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлишига тайёрлаш. Ушбу жараёнда юзага келиши мумкин бўлган иқтисодий хавфлар баҳоланиб, тадбиркорларни экспорт-импорт жараёнлари, халқаро савдо тартиб-таомиллари ва рақобатбардошликни ошириш бўйича маслаҳатлар билан таъминлаш чоралари ишлаб чиқилди.
Тадқиқотлар натижасида маҳаллий ҳокимликларга камбағалликни камайтириш ва иқтисодий жиҳатдан оғир аҳволдаги оилаларни қўллаб-қувватлаш бўйича аниқ тавсиялар берилди. Хусусан, маҳаллаларнинг иқтисодий ихтисослашувига мос равишда иш ўринлари яратиш ва аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш таклиф қилинди. Айрим ҳудудларда деҳқончилик имкониятлари мавжуд бўлса-да, аҳоли томонидан қандай маҳсулот етиштириш самарали эканлиги бўйича билим етишмовчилиги аниқланди. Шу боис, уларга деҳқончилик кўникмаларини ошириш, маҳсулотни қулай нархларда сотиш ва бозорга чиқиш имкониятларини яхшилаш юзасидан илмий маслаҳатлар берилди.
Камбағал аҳоли қатлами учун банк кредитлари беришдан кўра, маҳаллий бюджетнинг ортиқча тушумларидан келиб чиққан ҳолда субсидиялар ажратиш иқтисодий жиҳатдан мақбул экани асослаб берилди. Бу эса маҳаллий ҳокимликларга камбағалликни қисқартириш ва аҳолини иқтисодий фаолиятга жалб қилишда самарали чора-тадбирларни амалга ошириш имконини яратади.
Маҳаллаларда ўтказилган сўровлар ва ёшлар билан суҳбатлар натижалари таҳлил қилинганда, уларнинг замонавий ахборот технологияларига қизиқиши юқори эканлиги аниқланди. Шу жиҳатдан келиб чиқиб, ёшлар ўртасида фрилансерликни ривожлантириш орқали улар учун қўшимча даромад манбаларини яратиш имконияти илмий жиҳатдан асослаб берилди. Чунки бу фаолият ортиқча харажат талаб қилмайди, ёшларга мустақил ишлаш имкониятини беради ва иқтисодий жиҳатдан самарали ечим сифатида қаралиши мумкин.
Шунингдек, айрим маҳаллалар, хусусан, Термиз туманидаги маҳаллалар, шаҳарга яқин жойлашгани боис, йирик корхоналар учун зарур бўлган касаначилик хизматларини йўлга қўйиш орқали камбағал оилаларни иқтисодий қўллаб-қувватлаш имконияти ўрганилди. Бу хизматларни мониторинг қилиш натижасида аниқланган соҳалар бўйича камбағал оилалар вакилларига касаначиликни ташкил этиш таклиф этилди. Бундай ёндашув иқтисодий жиҳатдан икки томонлама манфаатли бўлиб, бир томондан, ишсиз аҳолига даромад манбаи яратиш, иккинчи томондан, корхоналарнинг хизматларга бўлган эҳтиёжини қондириш имконини беради.
Шунингдек, тадқиқотлар натижасида айрим камбағал оилаларнинг мавжуд экин майдонларига сифатли ишлов бериш имкониятлари чекланганлиги маълум бўлди. Асосан, ерни ҳайдаш, текислаш ва бошқа агротехника ишларини амалга ошириш учун молиявий ресурслар ва меҳнат кучлари етишмовчилиги қайд этилди. Бу борада маҳаллий раҳбар ходимлар томонидан амалий ёрдам кўрсатилса-да, ушбу ёрдам ҳозирги ҳолатни тўлиқ ҳал қилиш учун етарли эмаслиги аниқланди. Шу боис, туманлардаги фермер хўжаликлари, деҳқон хўжаликлари ва томорқа эгалари Кенгашини молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш ва улар орқали камбағал хўжаликларга текин хизмат кўрсатиш механизмларини йўлга қўйиш мақсадга мувофиқлиги илмий асослаб берилди.
Шунингдек, тадқиқотлар ўтказилган айрим маҳаллаларда ишсиз ёшларни бандлигини таъминлаш ва уларни камбағал тоифага тушиб қолиш хавфидан муҳофаза қилиш учун тегишли чора-тадбирларни амалга ошириш зарурлиги қайд этилди. Бу борада вилоятдаги олий таълим муассасалари ва тажрибали мутахассислар иштирокида “Бизнесга биринчи қадам” лойиҳаси доирасида ёшларга тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш ва уларни маҳалланинг иқтисодий ўсиш драйверларига мос равишда бизнесга йўналтириш таклиф қилинди.
Иқтисодий тадқиқот марказлари ва олий таълим муассасаларининг илмий йўналишларида рўй берган стратегик ўзгаришлар натижасида янги тадқиқот объектлари вужудга келди. Бу эса фундаментал тадқиқотларнинг амалий иқтисодиётга янада яқинлашишига ҳамда назария ва амалиёт ўртасидаги узвий боғлиқликнинг мустаҳкамланишига хизмат қилди. Шу орқали илмий марказлар мамлакатдаги иқтисодий ислоҳотлар жараёнида фаол иштирок этиб, ҳудудларни ривожлантириш ва аҳолини камбағалликдан чиқаришга қаратилган амалий ечимларни таклиф қилишда муҳим роль ўйнамоқда.

Published
Issue
Section
License
Copyright (c) 2025 YASHIL IQTISODIYOT VA TARAQQIYOT

This work is licensed under a Creative Commons Attribution 4.0 International License.